«Одноклассники.ру» саҳифасида тақиқланган диний маърузага «класс» босган навоийлик аёлга 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 57 ёшли аёл бу ҳаракатни 5 йил олдин Туркияда муҳожир бўлиб ишлаб юрган пайтда содир этган.
Экологик партиясидан президентликка номзод Абдушукур Хамзаев сайловолди дастурида 2030 йилдан бошлаб, 2009 йилдан кейин туғилганларга сигарет сотишни таъқиқлаш, чиқиндилардан энергия манбаи сифатида фойдаланиш, 100 ёшдан ошган дарахтларга табиий ёдгорлик мақомини бериш каби масалалар ўрин олган.
«Тошкент» республика фонд биржасининг қарори билан «Халқ банки» АТБнинг акциялари биржага чиқарилди. Банк давлат улуши халқ IPO`си орқали сотиладиган ташкилотлар рўйхатига киритилганди.
Экология вазирлиги «Сурхон» давлат қўриқхонасида ноёб турдаги морхўр ва Бухоро тоғ қўйларининг биргаликда юрган кадрларини эълон қилди.
Миробод тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Шухрат Пулатов «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳри филиали бош директори этиб тайинланди. Агзам Избосаров эса «ҲЭТ» бошқарув раиси биринчи ўринбосари бўлди.
2019−2022 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган Борис Жонсон пандемия давридаги зиёфат тергови туфайли депутатликдан истеъфога чиқишини маълум қилди.
«Адолат» партиясидан президентликка номзод Робахон Маҳмудова суд қарорларини ижро қилиш ваколатини прокуратура ва ички ишлар органларидан адлия идораларига бериш, ягона Тергов қўмитасини тузиш, болаларга бепул стамотология хизмати кўрсатилиш каби масалаларни ўз сайловолди дастурига киритди.
Марказий банк пул бирлигининг деноминация қилиниши, яъни 1:10 000 нисбатда янги пул белгиларига алмаштирилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.
ХДПдан президентликка номзод Улуғбек Иноятов энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш, коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, «мактаб солиғи»ни жорий этиш каби масалаларини ўз сайловолди дастурида илгари сурди.
Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони 86 ёшида Миландаги шифохонада вафот этди. Аввалроқ сиёсатчига лейкемия ташхиси қўйилганди.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон томони Абай вилоятидаги ўрмон ёнғинларига қарши курашишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Таиланддаги Осиё чемпионатида ўзбекистонлик велоспортчилар яккалик ва гуруҳ баҳсларида яна бешта медални қўлга киритди.
11 миллионга яқин фойдаланувчига эга Click тўлов тизими Uzum экотизимининг бир қисмига айланади. Бирлашиш натижасида Click фойдаланувчилари, жумладан, чекка ҳудуддагилар бозор ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
Қозоғистоннинг Абай вилоятида ўрмон ёнғинлари оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Мамлакатда 12 июнь миллий мотам куни деб эълон қилинди. Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан қўшни давлат президенти ва халқига ҳамдардлик билдирди.
Дам олиш кунлари ҳарорат бироз пасайган бўлса, янги ҳафтада аста-секин кўтарилиб, +40…+42 даражагача етади, бу даврнинг иқлимий қийматларидан юқоридир. Фақат Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
2022 йилда Россияда меҳнат мигранти бўлиб ишлаган Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ва терроризмни молиялаштиришда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Пойтахтнинг Чорсу ва Эски жува бозорлари 2023 йил охиригача тартибга келтирилиб, туристик жозибадорлиги оширилади. Бунда замонавий савдо расталари ва кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш, ирригация тармоқларини янгилаш ва биноларни миллий архитектура асосида реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.
Душанба куни таъмирлаш ишлари сабаб Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Яшнобод туманларининг баъзи жойларида соат 17:00 гача электр энергияси таъминоти тўхтатилди.
Тижорат банклари 12 июнь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 365−11 420 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 440−11 490 сўм.
Олтинсой туманида ферма раиси 8 туп элдор қарағайи дарахтини фуқарога 5 млн сўмга баҳолаб, кесиш учун сотиб юборгани аниқланди. Бунинг оқибатида табиатга 550 млн сўмдан ортиқ зарар етказилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг