«Док-1 Макс» дорисини ишлаб чиқарган компанияга қарши иш очган Ҳиндистон, аҳолини «Док-1 Макс» дорисидан огоҳлантира бошлаган ССВ, вилоят ва туман ХТБларни йўқ қилишни истаётган президент, тажриба асосида 14 та ҳудудда ўқитиладиган янги дарслик ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатга алоқадор бўлган 7 нафар тизим мутасаддиси ва тиббиёт ходими ўз вазифасидан озод этилганди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева шифокорнинг ишдан бўшатилиши сабабига аниқлик киритди.
ССВ Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси «Док-1 Макс» каби бошқа сироплар таркиби ҳам чуқур ўрганилаётганини маълум қилди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи болалар орасида шамоллаш, диарея ва тана ҳарорати кўтарилиши кузатилганида нима қилиш кераклиги борасида тавсиялар берди.
Ўзбекистонда «Док-1 Макс» дориси оқибатида 19 нафар бола вафот этгандан сўнг ССВ аҳолини оммавий равишда ушбу дорини сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантиришни бошлади. Лекин хабарда дори таркибида заҳарли модда — этиленгликоль борлиги қайд этилмаган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига «соғломлаштириш ва дам олиш маскани» қурилиши учун ажратилган 0,5 гектар ер майдони Тошкент вилояти тасарруфига қайтарилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида биринчи бўлиб хабар берган профессор Маматқул Азизов ишдан бўшатилганини тасдиқлади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан Термиз давлат педагогика институти директори Эшболта Қобулов ва Қарши давлат университетининг Педагогика институти директори Абдуқаҳҳор Ғаниев ўз лавозимидан озод этилди.
Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар билан ўтказилган учрашувда вилоят ва туман ХТБларни танқид қилди. «Бу икки ташкилотни йўқ қилишни истаяпман, ўртадаги бошқа поғоналар нимага керак?» — деди президент.
Президент Халқаро конгресс марказида бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган дарсликлар тақдимоти билан танишгач, ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Давлат раҳбари болаларнинг таълим жараёнида ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш кераклигини таъкидлаб, бунда ўзини шахсий мисол қилиб кўрсатди.
Шавкат Мирзиёев «Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!» номли замонавий дарсликлар кўргазмаси билан танишди. Президент дарсликларда миллий ғоя, аждодлар мероси ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Ҳукумат қарори билан таълим муассасалари учун ўқув нашрларида тор ёзиладиган шрифтлар қўллаш, уларни белгилаш, чизилган шрифтлар, кўп устунли териш, шунингдек, матбаа маҳсулотларида газета қоғози ва ялтироқ қоғоздан фойдаланиш тақиқланмоқда.
Бухоро шаҳрида 7 қаватли уй қулаб тушгани ҳақида хабар тарқалганди. ФВВ ва Қурилиш вазирлиги буни рад этиб, аслида 7-қаватдаги 3 дона бетон плита тушиб кетганини маълум қилди. Бу ҳолатда ҳеч ким жароҳат олмаган.
Ҳиндистонда Ўзбекистондаги болалар ўлимига алоқадор «Док-1 Макс» дори воситасини ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясига қарши иш очилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам вафот этган болалар ҳақида ҳисобот бериш сўралди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Улуғбек Азизов ва Бухоро муҳандислик технология институти ректори Нусратулло Баракаев лавозимидан кетди.
Андижоннинг Шаҳрихон туманида яшовчи аёл икки нафар қизни Туркияга фоҳишалик учун жўнатмоқчи бўлган вақтида Тошкент халқаро аэропортида ИИБ ва Вазирлар Маҳкамаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги дарсликлар 1 январдан 14 та ҳудудда тажриба асосида ўқитилади. «Кейинги босқичда 5−11-синфлар учун ҳам дарсликлар ишлаб чиқамиз. Ёшларга креатив соҳаларда дарс беришимиз керак. Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак», — деди президент.
Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Сергели туманларида ноқонуний фаолият олиб бораётган газ қуйиш шохобчаларини аниқлади. Улардан бири кўча ёритиш чироқларини ўчирган ҳолда, бошқа бири эса газ ҳисоблагич параметрларини ўзгартирган ҳолда иш олиб борган.
Қарши туманида Lacetti уриб кетиши оқибатида вояга етмаган пиёда вафот этган. Автомомобиль видео камерасидаги тасвир кўриб чиқилгандан сўнг ҳайдовчи айбсиз деб топилган.
Қашқадарёда яна бир бола «Док-1 Макс» сабаб вафот этди. 1 ёшли болага сироп 5 кун давомида уйида ичириб турилган.
31 декабрь куни Тошкент метрополитени одатдагидан бир соат кўпроқ ишлайди. 1−2−3 январь кунлари соат 05:00 дан 00:00 гача ҳаракатланади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг