Исроил шарқий Рафаҳда жон сақлаётган ўн минглаб ғазоликларни шаҳардаги эҳтимолий ҳарбий амалиётлар фонида гуманитар ҳудудга кўчиб ўтишга чақирди.
Жо Байден маъмурияти АҚШда ишлаб чиқарилган ўқ-дориларни Исроилга етказиб беришни тўхтатди, деб ёзмоқда Axios. Бу бир марталик кечикишми ёки етказиб беришнинг вақтинчалик тўхтаб қолиши — аниқ эмас. Таъминотнинг тўхтатилиши Исроилда хавотир уйғотди, дея таъкидлади нашр.
Россия Ички ишлар вазирлиги Украина президенти Владимир Зеленскийни қидирувга бергани маълум бўлди. Унинг қачондан бери қидирувдалиги ва қандай жиноятда айбланаётгани номаълум. Шунингдек, Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко ҳам қидирувга берилган.
Сўнгги 2 йилда Европа кутубхоналаридан рус ёзувчилари, асосан, Пушкиннинг 170 дан ортиқ нодир асарлари ўғирланди, деб ёзмоқда New York Times. Йўқолган китобларнинг умумий қиймати 2,6 млн доллардан ошади. Аксарият ҳолларда ўғирланган асарлар юқори сифатли қалбаки нусхалар билан алмаштириб кетилмоқда.
Америка Қўшма Штатлари ва Саудия Арабистони Яқин Шарқни ўзгартириши мумкин бўлган мудофаа пактини тузишга яқин турибди, деб ёзмоқда Bloomberg нашри. Битим Ар-Риёдга Американинг илғор қуролларидан фойдаланиш имконини беради ва Исроилга Ғазо урушини тугатиш учун рағбатлар тақдим этади.
Қирғизистондаги тоғли қишлоқда ўтказилган танлов пайти музқаймоқ ортилган мини юк машинаси бир гуруҳ мактаб ўқувчиларини уриб юборди. 29 нафар бола жароҳатланди, етти нафари — реанимацияда. Маълумотларга кўра, фургон ҳайдовчисиз ҳаракатланган ва тормоз тизими ишдан чиққан бўлиши мумкин.
Сиэтл суди дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси бўлган Binance асосчиси Чанпэн Чжаони тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У АҚШнинг пул ювишга қарши қонунларини бузганликда айбдор деб топилди.
АҚШ Сенати 2040 йил охиригача Россиядан бойитилган уранни олиб киришни тақиқлашни маъқуллади. Россия ҳозирда Америка АЭСларида ёнилғи сифатида ишлатиладиган ураннинг деярли тўртдан бир қисмини етказиб беради.
AstraZeneca фармацевтика компанияси суд ҳужжатларида биринчи марта COVID-19`га қарши вакцинасининг тромбоз шаклланишига олиб келиши мумкин бўлган кам учровчи акс таъсирини тан олди.
Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев 2022 йил январидаги норозилик намойишларида айбланиб ҳибсга олинди. У ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, Хитойдаги йирик шаҳарларнинг салкам ярми ер чўкиши туфайли сув тошқини хавфи остида қолиши мумкин. Бу нафақат ерости сувлари сатҳининг пасайиши, балки ҳудудлардаги биноларнинг оғирлиги билан ҳам боғлиқ.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига норозилик нотаси топширди, унда Россияда мамлакат фуқароларига нисбатан бўлаётган «кескин салбий муносабат» ҳамда уларнинг ҳуқуқлари «кенг миқёсда поймол этилаётганидан» хавотир билдирилган.
Исроил расмийларига кўра, Гаагадаги Халқаро жиноий суд Ғазодаги уруш туфайли бош вазир Биньямин Нетаньяху ва бошқа Исроил расмийларига нисбатан айблов эълон қилиши мумкин. Суд, шунингдек, ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер бериш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига ўта зарурат бўлмаса, Россия ҳудудига барча турдаги транспортларда саёҳат қилишдан вақтинча тийилишга чақирди.
Европа парламенти ҳаво сифатининг ЖССТ тавсияларига яқинроқ бўлган янги стандартларини қабул қилди. Расмийлар бу чора Европада бевақт ўлимлар сонини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.
АҚШнинг етакчи университетларида Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишлари давом этмоқда, талабалар кампусда чодирлар лагерлари қурмоқда. Бир қатор университетлар маъмуриятлари полицияга мурожаат қилди, ўнлаб намойишчилар қамоққа олинди.
Германия прокуратураси Марказий Осиёнинг етти фуқаросини террорчилик гуруҳи тузиш ва ИШИДни қўллаб-қувватлашда айблади. Улар ўтган ёздан бери ҳибсда сақланмоқда.
800 мингга яқин одам Буэнос-Айрес кўчаларига чиқиб, давлат университетлари ривожига сарфланадиган харажатларни қисқартиришга қарши чиқди. Университетларни молиялаштиришни камайтириш қарори Аргентина президенти Хавьер Милей ташаббуси билан қабул қилинганди.
АҚШ Сенати Вакиллар палатасидан сўнг Украина, Исроил ва Тайванга 95 млрд долларлик ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа юзасидан келишиб олишга салкам олти ой вақт кетди. Президент Байден ҳужжатни дарҳол имзолашга ваъда берди.
АҚШ Хитойнинг бир қатор банкларини жаҳон молия тизимидан узиб қўйиши мумкин бўлган санкцияларни ишлаб чиқмоқда. Вашингтон бу Хитойни Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбур қилишига умид қилмоқда, деб ёзади Wall Street Journal.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг