Ҳиндистонда чанг бўрони ва жала вақтида улкан реклама баннери қулаб тушди, оқибатда камида 14 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари 250 тонналик билборд ноқонуний равишда ўрнатилганини айтди.
Қозоғистонда турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланган собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев иши бўйича ҳукм чиқарилди. Суд уни айбдор деб топиб, 24 йилга озодликдан маҳрум қилди. Жараён икки ой давом этди ҳамда мамлакат ичида ва хорижда кенг резонансга сабаб бўлди.
Ўтган ойда Украина ҳаво мудофааси кучлари Россия томонидан учирилган ракеталарнинг атиги 30 фоизини уриб туширди, деб ёзди The Wall Street Journal. Кўрсаткич сўнгги ярим йилда 46 фоиз, ундан аввалги мос даврда 73 фоиз бўлган. Нашр мамлакатда Patriot тизими учун ўқ-дорилар тугаётганини қайд этди.
Сергей Шойгу 2012 йилдан бери ишлаб келаётган мудофаа вазири лавозимидан бўшатилиб, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланди. Путин, шунингдек, бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Андрей Белоусовни янги мудофаа вазири этиб тайинлашни таклиф этди.
Афғонистон шимолида кучли ёмғирлар сабабли сув тошқинлари юз бериб, камида 150 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ одам жароҳатланди. Ҳодисадан энг кўп Бағлон вилояти зарар кўрди. Уйидан айрилган оилаларга чодир, кўрпа-тўшак ва озиқ-овқат тарқатилмоқда.
Apple янги iPad маҳсулотига ишланган рекламаси учун узр сўради. Видеода гидравлик пресс маданият ва санъатга оид нарсаларни парчалаб юборгани, ўрнида эса янги iPad пайдо бўлганини кўриш мумкин. Интернет фойдаланувчилари буни «инсоният санъати ва тажрибасининг йўқ қилиниши намойиши» дея қабул қилди.
Украина Мудофаа вазирлиги Россия қўшинлари Харьков вилояти шимолида мудофаа чизиғини ёриб ўтишга уринганини маълум қилди. Вазирликка кўра, барча ҳужумлар қайтарилган, аммо жанглар давом этмоқда. Чегарадаги қишлоқларда маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш бошланди.
Ереванда фуқаролик итоатсизлиги акциялари бошланди. Намойишчилар Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб, Озарбайжонга ҳудудий ён беришларига қарши чиқмоқда.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия президенти билан учрашувда «Крокус»даги теракт тожик халқи имижига жиддий зарба бўлганини билдирди. Раҳмон терроризмнинг миллати ва дини йўқлигини, бу глобал муаммо эканини таъкидлади.
Арманистон 2023 йил ноябрида қабул қилинган КХШТнинг 2024 йил учун бюджети ҳақидаги қарорга қўшилмайди. Шунга қарамай, мамлакат ташкилотнинг аъзоси бўлиб қолади.
Ўтган апрель ойи бутун дунё бўйлаб кузатувлар тарихидаги энг иссиқ апрель бўлди, шунингдек, метеорологлар кетма-кет 11-ой ҳарорат рекордини қайд этди.
AstraZeneca бутун дунё бўйлаб ўзининг коронавирус вакцинаси учун маркетинг рухсатномаларини қайтариб олишни бошлади. Компания бу қадамни бошқа самаралироқ дориларнинг кўплиги билан изоҳлади. Ишлаб чиқарувчи аввалроқ вакцинаси жуда камдан-кам ҳолларда тромбозга олиб келиши мумкинлигини тан олганди.
Қўшма Штатлар Исроилга 3500 та бомба етказиб беришни тўхтатди. АҚШ ҳукумати Исроил бомбаларни Ғазо сектори жанубидаги 1 миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинларга бошпана бўлаётган Рафаҳ шаҳрига ҳужумда қўллаши мумкинлигидан хавотирланган.
Истанбул шаҳрида одам савдоси ва фирибгарликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. У одамларни АҚШга юборишни ваъда қилиб, уларнинг пулларини олиб, уларни ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.
Хитой раиси Си Цзиньпин Францияга ташрифи давомида мамлакатнинг Россия билан яқин алоқада экани бўйича эътирозларни рад этди. «Хитой бу инқирознинг сабабчиси ҳам, томони ҳам, иштирокчиси ҳам эмас. Лекин биз кузатувчи ҳам эмасмиз, тинчликка эришиш учун доимо фаол ҳаракат қилганмиз», — деди у.
Деҳлидаги Индира Ганди халқаро аэропортида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ноқонуний равишда 5 кг олтин олиб ўтаётганда божхона ходимлари томонидан ушланди. Уларга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган.
АҚШ авиация регулятори 787 Dreamliner самолётини синовдан ўтказишда ҳужжатларни қалбакилаштириш эҳтимоли туфайли Boeing компаниясига нисбатан янги тергов бошлади. Компания қоидабузарликларни тасдиқлади, бироқ парвозлар хавфсизлигига таҳдид йўқлигини маълум қилди.
Стенфорд университети олимлари газ плиталаридан фойдаланиш хавфли миқдордаги азот диоксиди чиқаришини аниқлади, бу болаларда астма, катталарда эса эрта ўлимга олиб келиши мумкин. Кичикроқ яшаш жойларида ифлосланиш даражаси юқори бўлади.
Владимир Путиннинг президентлик лавозимига киришиши муносабати билан Россия ҳукумати истеъфога чиқди. Яқин кунларда Путин Давлат думасига янги бош вазир номзодини тақдим этади. Унгача аввалги ҳукумат ўз вазифасини бажарувчи сифатида ишлашда давом этади.
Хитой раиси Си Цзиньпин 2019 йилдан бери илк бор Европа бўйлаб турнега чиқди — у Франция, Сербия ва Венгрияга ташриф буюради. Турне Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо келишмовчиликлари ва Россиянинг Украина билан уруши туфайли кескинлашган муносабатлар даврига тўғри келди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг